Жорий йилнинг 23 октябрь куни Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетининг мажлислар залида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси раҳбарияти ҳамда масъул ходимлари билан “Фаолиятнинг 9 ойлик якунлари ва истиқболдаги режалар” мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтади.
Таъкидлаш жоизки, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси - давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 май кунги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан ташкил этилган.
2019 йилнинг ўтган даври мобайнида Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан Суд ҳужжатлари ва бошқа органлари ҳужжатларини ижро этиш йўналиши бўйича 667.493 та 9 трлн. 687 млрд 573 млн. сўмлик ижро ҳужжати келиб тушган, шундан, 383.471 та 5 трлн. 779 млрд. 026 млн. сўмлик ижро ҳужжатларининг ижроси таъминланган.
Шунингдек, Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва ҳудудий туман бўлимларида 27.215 та алимент ундируви билан боғлик ижро ҳужжатлари мавжуд бўлиб, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 324 та қарздорга нисбатан МЖтКнинг 47-4-моддасига асосан, маъмурий жавобгарлик масаласи кўрилган бўлса, 20 нафар алиментчи оталарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддасига асосан, жиноят ишлари қўзғатилган.
Алимент пулларини тўламасдан яшриниб юрган 168 нафар қарздорлар қидириб топилган ва улардан алимент пуллари ундириб берилган. 65 нафар қарздорга нисбатан қидирув ишлари давом эттирилмоқда.
Алимент тўлови бўйича қарздор шахслар билан ўтказилган профилактика ва тушунтириш ишлари натижасида 229 та оила яраштирилишига эришилган.
Бошқарма ва унинг туман бўлимлари томонидан истеъмолчилардан энергия ресусрлари ва сув таъминоти бўйича жорий йилнинг 9 ойи давомида 3 трлн. 145 млрд. 368 млн. сўм ундирилган. Шундан электр энергиясидан 1 трлн. 424 млрд. 445 млн. сўм, табиий газдан 1 трлн. 427 млрд. 302 млн. сўм ва сув таъминотидан 293 млрд. 620 млн. сўм ундирилган. Ундирув ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 трлн. 381,4 млрд. сўмга ошган.
Бюро фаолиятини бошлаган вақтдан буён долзарб масалалардан бири бу албатта нореал ёки асоссиз қарздорликлар ҳисобланишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолатлардир.
Таҳлиллар, асоссиз қарздорликлар муқаддам таъминотчи корхоналар томонидан истеъмолчилар тўлиқ кўрикдан ўтказилмаганлиги, энергия ресурслари ва сув таъминотининг талон-торож қилиниши ва истеъмолчиларга етказиб берилишидаги табиий йўқотишларнинг истеъмолчилар зиммасига қарздорлик сифатида ҳисобланиши сабабли юзага келганини кўрсатмоқда.
Бюро органлари томонидан истеъмолчиларни тўлиқ кўрикдан ўтказиш бўйича Тошкент шаҳар миқиёсида ишчи гуруҳ тузилиб, аниқланган асоссиз қарздорликлар бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, истеъмолчи зиммасидан олиб ташлаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, 2017 йилнинг июль ойидан шу кунга қадар 17 335 та истеъмолчига нисбатан 28 млрд. 273,9 млн. сўмлик нореал қарздорликлар аниқланиб, ушбу қарздорликлар олиб ташланган.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ҳозирда Бюронинг 1 нафар давлат инспектори “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” ва сув таъминоти, маиший чиқинди корхоналарини ўртача 6 нафар назоратчисининг иш ҳажмини бажармоқда.
Бошқарма ва туман бўлимларига жами 21.648 та мурожаат келиб тушган. Шундан, туман бўлимлари томонидан 17.713 та кўриб чиқилиб ҳал қилинган. 11.796 тасига тушунтириш берилган, 5.874 таси қаноатлантирилган, 219 таси кўрмасдан қолдирилган, 43 таси кўриб чиқилиши рад этилган.
Ахборот алмашинуви бўйича 23 та вазирлик ва идоралар билан электрон ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларнинг базалари билан интеграция қилинди.
Мажбурий ижро бюроси