Мажбурий ижро бюросининг Шароф Рашидов туман бўлимига тангалар билан келган фуқаро, ушбу алимент пулларни шахсан собиқ турмуш ўртоғи қўлига топшириб, унинг вақти фақат танга санаш билан ўтишини билдирган.
Оилавий келишмовчиликлар туфайли ажрашган ота-оналарнинг баъзилари собиқ турмуш ўртоғига жаҳл қилиб фарзандлари таъминоти учун алимент тўлашга ўрнига турли баҳоналар ўйлаб топадилар. Бу эса, албатта, болаларнинг ҳуқуқларини поймол қилади. Аммо Шароф Рашидов туманида алиментдан қарздор бир отанинг миясига антиқа фикр келди.
Суднинг қарздор Л.М. дан бир нафар фарзандининг таъминоти учун ундирувчи О.Л. фойдасига алимент ундириш белгиланган ижро ҳужжати бюронинг Шароф Рашидов бўлими иш юритувига келиб тушган. Бироқ, у мажбуриятини бажармай, 4 миллион сўм қарздор бўлиб қолди.
Алимент тўламасликнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунган ота, фарзандининг таъминлаш бир вақтда собиқ турмуш ўртоғининг қийналишини астойдил хоҳлаган. Шу сабабли, у 4 миллион сўм қарзига мос равишда - 10, 50, 100, 500 сўмлик танга пулларни йиғиб, шахсан ундирувчи қўлига қарздорлик эвазига топширмоқчи бўлган.
Бироқ, давлат ижрочилари тангаларни банк ходимлари билан ҳисоб-китоб қилиб, қарздор ва давлат ижрочиси ҳамроҳлигида алимент олувчи онанинг банк пластик картасига банк орқали тушириб беришган.