Суд қарорига асосан сув таъминоти корхоналари фойдасига қарздорликларни ундириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан суд қарорига асосан сув таъминоти корхоналари фойдасига қарздорликларни ундириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида сув таъминоти корхоналари фойдасига қарздорликларни ундириш билан боғлиқ жами 2 млрд. 367 млн. сўмлик 1 609 та ижро ҳужжатларидан 1 248 тасининг ижроси таъминланиб, 649 млн. сўм қарздорлик амалда ундирилган.
Шунингдек, ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг номида бўлган 573 млн. сўмлик мол-мулклар тегишли тартибда хатланиб, 511 та ижро ҳужжатлари бўйича эса ундирув қарздорларнинг иш ҳақларига қаратилган.
Мисол учун, Қўнғирот туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига асосан, Қўнғирот тумани ободонлаштириш бошқармаси ҳисобидан даъвогар “Қорақалпоқ сув таъминоти” АЖга 42,5 млн. сўм қарз ундириш белгиланган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида ундирувчи корхона фойдасига қарздорлик тўлиқ ундириб берилиши таъминланди.
Бу борадаги ундирув тадбирлари давом эттирилмоқда.