Ҳозирги кунда кредитга автомашина олиш аҳоли орасида оммалашди. Бироқ, олинган кредит белгиланган тартибда тўланмаса, қарздорлик суд тартибида ундирилади.
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 2023 йил 30 ноябрдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор Мадина Исаевадан ундирувчи “Капиталбанк” АТБ “Капитал 24” ЧБФ Бухоро Смартбанки фойдасига 170.961.280 сўм кредит қарздорлиги ва 6.838.452 сўм миқдордаги давлат божини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Олот тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.
Қонунчиликка мувофиқ мавжуд қарздорликни бартараф этиш учун қарздорга ихтиёрий муддат берилган. Бироқ, ижро ҳужжати талаблари бажарилмаган.
Ижро ҳаракатлари давомида автомашинага нисбатан қидирув эълон қилинган. Қидирув ҳаракатлари давомида автомашина Қоракўл туманида топилиб, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Қарздорликни бартараф этиш учун қарздорга яна муддат берилишига қарамай қарздорлик бартараф қилинмаган. Шундан сўнг, автомашина реализация қилиш учун баҳоланиб, кимошди аукцион савдоларига чиқарилган. Аукцион савдода автомашина 138.749.657 сўмга сотилган ҳамда сотувдан тушган маблағ ҳисобидан кредит қарздорлигини қоплаш чоралари кўрилган.
Автомашина сотувидан тушган маблағ кредит қарздорлиги ва суд харажатларини тўлиқ қоплашга етарли бўлмаганлиги сабаб, ҳозирда қарздорликни қолган қисмини ундириш чоралари кўрилмоқда.