Мажбурий ижро бюросининг Яшнобод туман бўлими иш юритувида 1987 йилда туғилган қарздор алимент тўловчи отадан фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 23.08.2021 йилдаги суд буйруғига асосан ундирувчи Ю.Г. фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун барча даромадларининг ¼ қисми миқдорида алимент, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 01.09.2022 йилдаги суд буйруғига асосан ундирувчи Ш.Н. фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун ¼ қисми миқдорида алимент ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 05.10.2017 йилдаги суд буйруғига асосан ундирувчи С.М. фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун ¼ қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Қарздорнинг 2023 йил декабрь ойи ҳолатига 24.636.333 сўм алимент қарздорлиги вужудга келиб, бир неча маротаба огоҳлантиришларга қарамасдан алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келганлиги боис, қарздорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МжтКнинг 47-4-моддасига мувофиқ жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш юзасидан ижро ҳужжати жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судига юборилган.
Жорий йилнинг 4 январь кунидаги суд қарорига асосан қарздорга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланган бўлиб, қарздорнинг яқин қариндоши, аниқроғи турмуш ўртоғи қарздорликни тўлиқ бартараф этган.
Шундан сўнг, суд томонидан қарздорга нисбатан тўпланган ҳужжатлар қайта кўрилиб, етказилган зарар миқдори қопланганлиги сабабли, жазони тўлиқ ўтамасдан озод қилинган.