Бугун, 2023 йил 8 июнь куни Бутунжаҳон суд ижрочилари куни нишонланмоқда.
Дунё бўйлаб 98 та давлатларнинг суд ижрочиларини бирлаштирган Суд ижрочилари Ҳалқаро Иттифоқи бу йил, ўн олтинчи Бутунжаҳон суд ижрочилари кунини “Суд ижрочилари ва ОАВ: Куч – ўзаро мулоқотда” шиори остида нишонлашни эълон қилди.
Суд ижрочилари ҳалқаро иттифоқининг дунёнинг барча суд ижрочиларига юзланиб қилган баёнотига кўра, “Суд ижрочилари одил судловнинг муҳим ва ажралмас бўғини ҳисобланади ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашда ифодаланган муҳим вазифани бажаришади.
Суд ижрочиларининг ушбу миссиясини амалга оширишда ҳамда жамиятга муносиб тақдим этишда оммавий ахборот воситаларининг, шу жумладан замонавий ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган интернет воситалари, ижтимоий тармоқлар ва бошқа онлайн ахборот ресурсларининг аҳамияти беқиёсдир.
Шу муносабат билан, очиқлик ҳамда суд ижрочилари билан оммавий ахборот воситалари ўртасида яқиндан мулоқотни йўлга қўйиш суд ижрочиси касбига янада куч бағишлайди”.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси дунёдаги барча ҳамкасбларини мазкур байрам билан қутлайди !
Мажбурий ижро бюроси Суд ижрочилари ҳалқаро иттифоқининг баёнотини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўз фаолиятида оммавий ахборот воситалари билан доимо ўзаро очиқ мулоқотга содиқлигини таъкидлаб қолади.