Оила жамиятнинг асосий бўғинидир. Бугунги кунда оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига амал қилмаслиги аксарият ҳолларда низоларга сабаб бўлаётгани ва охир-оқибат нотинчлик ортидан айрим фарзандлар отасиз ёки онасиз улғайишга мажбур бўлаётгани рост.
Икки ёшнинг бошини қовуштириш учун ота-оналар, ёши улуғлар саъй-ҳаракат қилишади. Аммо ёшлар ўртасидаги арзимас гап-сўзлар ва асоссиз важлар туфайли гулдек оиланинг барбод бўлиши ачинарли ҳол.
Баъзан маҳалла фаоллари, қўни-қўшни ва мутасаддиларнинг оилалардаги келишмовчиликларга бефарқлиги ҳам оилавий ажримларга сабаб бўлаётганини минг таассуф билан тилга олиш лозим.
Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик, оила аталмиш қўрғоннинг дарз кетган ёриғи қандай катталашади?
Бир оилада қандайдир арзимас сабабга кўра жанжал бўлди ва келин жаҳл устида фарзандларини олиб, ота уйига жўнаб қолди. Орадан вақт ўтиб, яраштириш ўрнига келин томони фарзандининг таъминоти учун алимент ундириш мақсадида куёвтўрани судга беради.
Бу – оиланинг дарс кетган ёриғини янада катталаштиради.
Кейин орадаги муносабатлар янада совуқлашади, сабаби, олдинда алимент тўламаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар кутиб туради. Аслида фарзандлари таъминоти учун алимент тўласа-да, кўнглидаги совуқлик ортиб бораверади.
Қачонлардир бир-бирини яхши кўриб турмуш қурган, бунинг меваси сифатида фарзандлар дунёга келган оила қандайдир сабаблар омилида аввалгидек бахтли яшашни истайди.
Бугунги кунда бюро ходимлари ҳам яхшиликка сабабчи шахсларга айланмоқда.
Жумладан, Мажбурий ижро бюросининг Жиззах вилояти бошқармаси туман-шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 562 нафар оила яраштирилди. Мисол учун, Фуқаролик ишлари бўйича Фориш туман судининг жорий йилдаги буйруғига асосан фуқаро А.Б.дан З.Б фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш бўйича ижро ҳужжати МИБнинг Фориш туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Давлат ижрочисининг ҳаракатлари билан томонларга тўғри ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши натижасида оила қайта тикланиб, ижро иши амалда тамомланди. Икки нафар норасида ота-онасининг меҳрига тўйиб ўсадиган бўлди.
Бюронинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан бу борадаги ишлар мунтазам давом эттирилмоқда. Токи, муқаддас оила қўрғони ҳеч қачон дарз кетмасин.