Жорий йилнинг 26 ноябрь куни Telegram тармоғининг Bahodir Ahmedov каналида “МИБнинг минг бир “ўйини” ” сарлавҳали хабарлар жойлаштирилди ва унга турли изоҳлар келтирилди.

Хабарда ижро ҳужжатларини иш юритувга олмасдан қайтариш масаласи танқид қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида ижро ҳужжатида кўрсатиладиган талаблар аниқ кўрсатилган.

Бироқ, амалиётда ижро ҳужжати берадиган органлар томонидан ушбу талабларга риоя этмаслик ёки давлат ижрочилари томонидан асоссиз равишда қайтариш ҳолатлари кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда, бунга йўл қўйган ходимларнинг ҳаракатларига тегишли муносабат билдирилмоқда.

Шуни қайд этиш жоизки, токи ижро ҳужжатини шакллантириш рақамлаштирилмас экан, бу каби қонун бузилиши ҳолатларини олдини олиш имконсиз ва бу ҳолатдан Бюро органлари манфаатдор эмас.

Шу боис, Бюро ва Олий суд ўртасида ўрнатилган электрон ҳамкорлик тизимини янада такомиллаштириш орқали, давлат ижрочиларининг ижро ҳужжатларини қайтариш ҳолларига буткул барҳам берилади.

Бу борада ҳар икки идора ўртасида 12.09.2022 йилда ҳужжат имзоланиб, ҳозирда амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.

Бюронинг Чилонзор туман бўлими иш юритувидаги АТБ “Микрокредитбанк”дан ундирувчи А.Н. фойдасига жами 98 млн. 265 минг сўм ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича танқидий хабарларга расмий муносабат билдирилган.

Жумладан, ижро иши бўйича қарздорга тегишли 38 турдаги автотранспорт воситаларини реализация қилишни олдини олиш мақсадида электрон тарзда тақиқлар ўрнатилган ва Nexia 3 русумли автотранспорт воситаси хатланиб, жарима майдончасига жойлаштирилган.

23.11.2022 йилдаги Тошкент туманлараро маъмурий судининг 23.11.2022 йилдаги ажрими билан ижро ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган.

Бюро органлари ўз фаолиятини амалга оширишда қонунийлик, мустақиллик, марказлашганлик, бирлик ва ошкоралик принциплари асосида иш юритади.

Қонун ҳужжатларига кўра, Бюро органлари судлар томонидан ўз қарорлари асосида тақдим этилган ижро ҳужжатлари ёки ижро ҳаракатларини тўхтатиш ҳақидаги ажримларини бирдек муҳокама этмаган ҳолда, ижросини таъминлайди.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳокимликлар ёки бюджет ташкилотлар молиявий мажбуриятларини ундиришда Бюджет кодекси ва қонунчиликда назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда давлат ижрочисининг қарорига асосан ундирув тегишли ғазначилик бўлинмалари томонидан амалга оширилиши таъминланади. Жорий йил давомида, Бюро органлари томонидан 946 та ҳолатда 315,4 млрд. сўмлик компенсация маблағлари ундирилиши таъминланди.

Давлат ижрочиларида иш юкламаси кўп. Бироқ, бу суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этилмаслигига баҳона бўла олмайди. Бюро органларида иш ҳажмини асос қилиб, ходимлар сонини кўпайтиришга эмас, ижро жараёнини рақамлаштириш орқали ижро самарадорлигини оширишга қаратилмоқда.

Бунинг учун, ижро ҳужжатлар юритуви, айланмаси ва ижро этиш босқичлари электрон тарзда 35 та ташкилотларнинг 63 та йўналишдаги ахборот тизимларига интеграция қилинган “Mib Portal” дастури орқали амалга оширилмоқда.

Дастур орқали ижро ҳужжатларини тўғридан-тўғри суд ва бошқа органлардан қабул қилиш, мол-мулкни қидириш, тақиқларни қўйиш ва ечиш, томонларга хабарномалар юбориш, пул маблағларини тақсимлаш, инкассо қўйиш, мол-мулкни аукционга чиқариш ва баҳолашга юбориш каби ҳаракатлар фақат электрон тарзда амалга оширилмоқда.

Соҳада самарадорликни янада ошириш ва суиистеъмолчикларни олдини олиш мақсадида, жорий этилган “Smart ёрдамчи” электрон платформаси орқали қарздорнинг мол-мулкини аниқлаш ва уларга тақиқ қўйиш тўлиқ автоматлаштирилган. Қарздорлик бартараф этилганидан сўнг, тақиқларни автомат ечиш ва бу ҳақда хабардор қилиш тизими жорий этилди.

Қарздорларни ўз вақтида хабардор қилиниши натижасида, ўтган 10 ойда 820 мингдан ортиқ ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик давлат ижрочиси томонидан берилган иҳтиёрий муддатда бартараф этилган.

Шунингдек, дастур ёрдамида мол-мулки мавжуд бўлмаганлигини важи билан ижро ҳужжатларини ассосиз равишда тамомлаш ҳолатларига тўлиқ чек қўйилди.

Бюро органлари фаолиятига суд ва бошқа орган қарорларини давлатнинг мажбурлов кучини сафарбар қилмасдан, иҳтиёрий ижро қилишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар жорий этилмоқда.

Жумладан, жорий йил 1 июнь кунидан ишга туширилган соддалаштирилган ижро этиш институти орқали мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилмасдан ҳамда фуқароларнинг мол-мулкларига даҳл қилмасдан 500 мингга яқин ҳужжатларнинг ижроси амалда таъминланиб, туман (шаҳар) давлат ижрочиларининг иш юкламасини сезиларли камайтиришга хизмат қилмоқда.

Қарздорлардан ундирилган маблағларни электрон тақсимлаш тизими ҳам босқичма-босқич фаолиятга жорий этилиб, жорий йил ўтган даврида 1,1 трлн. сўм пул маблағлари давлат ижрочисининг аралашувисиз ундирувчиларга ўтказиб берилди.

Кўплаб эътирозга сабаб бўлаётган алимент ундируви соҳасини ҳам рақамлаштиришга эътибор қаратилди, алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона “E-Aliment” электрон ахборот тизими ишга туширилиб, ўтган даврда 1,2 трлн сўм. алимент маблағлари ундирилган бўлиб, шундан 898 млрд. сўм маблағлар тўғридан-тўғри ундирувчилар банк карталарига йўналтирилган. Қўлланилган маъмурий ва  жиноий жавобгарликка қарамасдан алимент маблағлари тўланмаган 323 та ижро иши бўйича 3,7 млрд. сўм Алимент жамғармасидан тўлаб берилган.

Бугунги кунда ахборот тизими орқали алимент ундируви билан боғлиқ ҳужжатларни “қизил”, “сариқ”, “яшил” тоифаларга ажратиш режалаштирилиб, асосий эътибор тўловдан бўйин товлаётган қарздорлар билан ишлашга қаратилади.

Бугунги кунда мавжуд муаммоларни таҳлил қилган ҳолда соҳага “Мажбуриятлар реестри” институтини жорий этиш борасида таклифлар тайёрланмоқда.

Фойдали ҳаволалар