Жорий йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида интернет расмий сайтлари ва ижтимоий тармоқларда фуқаро А.Таджиевнинг Сирдарё вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимига тиклаш ҳақидаги ижро ҳужжати ижроси таъминланмаётганлиги ҳақидаги танқидий фикрлар ёритилди.
Иш ҳужжатларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 12.10.2022 йилдаги ажрими билан судлов ҳайъатининг 20.09.2021 йилдаги А.Х.Таджиевни Сирдарё вилояти Молия бошқармаси бошлиғи лавозимига тенглаштирилган лавозимга ишга тиклаш тўғрисидаги суд ҳужжати бекор қилиниб, фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 19.08.2020 йилдаги А.Таджиевни Сирдарё вилояти Молия бошқармаси бошлиғи лавозимига ишга тиклаш тўғрисидаги суд ҳужжати ўзгаришсиз ўз кучида қолдирилган.
Мазкур ижро ҳужжати бошқарма иш юритувига қабул қилиниб, жорий йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддасига кўра ижро иши юритиши қўзғатилиб, тегишли тартибда тарафларга юборилган.
Ижро ҳужжати бўйича жорий йилнинг 31 октябрь куни Бюронинг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан “Ижро иши юритишни қўзғатиш ҳақида”ги қарор қабул қилиниб, мажбурий ижрога қаратилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 2 ноябрь куни суд қарори ижросини зудлик билан таъминлаш ҳақида Сирдарё вилояти ҳокимлигига 10/6-22-118-сонли хат киритилган.
Шунга қарамасдан бугунги кунга А.Таджиев лавозимга тикланмаган.
Жорий йилнинг 11 ноябрь куни фуқаро А.Таджиев ва блогер юрист С.Мухторалиевлар Бюро раҳбарияти томонидан қабул қилинган, қабулда ижро иши ижроси Бюронинг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан ижроси таъминланмаётганлиги ҳақида эътироз билдирилган.
Шундан сўнг, А.Таджиевни ишга тиклаш масаласига оид ушбу ижро иши Бюронинг марказий аппарати томонидан иш юритувига олинган.
Ижро ҳаракатлари даврида, 16 ноябрь куни Бюро томонидан Сирдарё вилоят ҳокимлигига ушбу ижро иши ижросини таъминлаш юзасидан мурожаат қилинган.
Ушбу ижро иши Бюро марказий аппарати томонидан алоҳида назоратга олинган ва ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси