Термиз шаҳридаги Тўпроққўрғон маҳалласида яшовчи А.Кузнецовга вояга етмаган бир нафар фарзандининг алимент пулларини тўламай келгани учун жиноят иши қўзғатилиб, тегишли жазо тайинланди.
 
Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туманлараро судининг 2017 йил 4 июндаги буйруғига асосан А.Кузнецовдан бир нафар фарзанди учун алимент ундириш белгиланган. Бироқ, у фарзандининг моддий таъминотига бефарқ муносабатда бўлиб, қасддан алимент тўлашдан бўйин товлаб келган. Суд буйруғи ва МИБ Термиз шаҳар бўлими ижрочиларининг талабларини бажармай, тўпланиб қолган 8 миллион сўм пулни тўламагани учун унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазо чораси ҳам қўлланилган.
 
– Алиментчи отага амалдаги қонунларимизни тушунтириш бўйича олиб борилган ишлар ҳам натижа бермади, – дейди МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қ.Турсунов. – Бу ишининг охири вой бўлишини билсада, у билмасликка олди. Маъмурий қамоқ жазосидан кейин унинг алимент қарздорлиги 11 миллион 568 минг сўмга бориб қолди. Шундан сўнг А.Кузнецовга нисбатан МИБ Термиз шаҳар бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди, атрофлича муҳокама этилди. У ўз айбига иқрор бўлиб, қилган қилмишлари учун енгиллик беришни сўради. Очиқ суд мажлисида алиментчи ота Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилиб, унга бир йил озодликни чеклаш жазоси қўлланилди.
 
Амалдаги қонунларимизга кўра, вояга етмаган фарзандининг моддий таъминотидан қасддан бўйин товлаган отани бу жазо ҳам алимент пулларини тўлашдан озод этмайди.

 

 

Фойдали ҳаволалар