24 июнь куни Kun.uz сайтида «Қўшработда одам уриб кетган шахс товон пули тўламади, МИБ январдаги суд ажримини ҳамон ижро этмаган» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Мажбурий ижро бюроси мазкур муаммо 25 июнь куни ҳал этилганини маълум қилиб, мақолага батафсил муносабатини билдирди.

«KUN.uz ахборот сайтида «Қўшработда одам уриб кетган шахс товон пули тўламади, МИБ январдаги суд ажримини ҳамон ижро этмаган» сарлавҳали мақола нашр этилган.

Унда 2019 йил 20 сентябрда маст ҳолда ва ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бўлган Н.Қўшматов Нурота-Митан-Қўшработ йўналишида «Нексия» автомашинасида катта тезкликда ҳаракатланиб келиб, йўл четида кетаётган аёл Н.Т.ни уриб кетиб, унга оғир жароҳат етказганлиги сабабли, ундан жабрланувчига 28 млн 810 минг сўм зарар ундириш белгиланган бўлсада, бугунги кунга қадар МИБ ходимлари томонидан ундириб берилмагани ва бошқа қатор ҳолатлар акс эттирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман судининг ҳукмига кўра, Нуриддин Қўшматовдан жабрланувчи Н.Т. фойдасига 28 млн 810 минг 234 сўм моддий зарар ундириш белгиланган бўлиб, мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросининг Қўшработ туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва қарздорликни ундириш борасида ижро ҳаракатлари амалга оширилган.

Жумладан, МИБ туман бўлимининг давлат ижрочиси томонидан холислар ва маҳалла фаоллари иштирокида Н.Қўшматовнинг яшаш хонадони кўздан кечирилган, лекин унинг уйида биринчи эҳтиёждан бошқа ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки ёки пул маблағлари йўқлиги аниқланган.

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида Н.Қўшматов номига расмийлаштирилган «Нексия» русумли автотранспорт воситаси расмийлаштирилганлиги аниқланиб, тақиқ қўйилган.

Бироқ, ушбу автотранспорт воситасини хатлаш ва сотувга чиқариш мақсадида 21.04.2020 йилда Н.Қўшматовнинг яшаш манзили кўздан кечирилганда, автомашина йўқлиги, номаълум жойга яшириб қўйилгани аниқланган. Шу сабабли, 27.04.2020 йилда давлат ижрочисининг қарори билан ушбу автомашинага қидирув эълон қилиниб, қарор ижросини таъминлаш мақсадида туман ИИБ ЙҲХБга юборилган.

Туман МИБ ҳамда ЙҲХБ билан ҳамкорликда амалга оширилган қидирув тадбирлари натижасида, 2020 йил 2 июнь куни Н.Қўшматовнинг номига расмийлаштирилган «Нексия» русумли автотранспорт воситаси туманнинг «Қўралос» қишлоғида аниқланиб, холислар иштирокида хатланган ва «Саид» МЧЖга қарашли сақлаш майдончасига қўйилган.

Шунингдек, Н.Қўшматовга юқорида қайд этилган қарздорлик суммаси белгиланган муддатда тўланмагани сабабли, мазкур автотранспорт воситасини баҳолатиб, аукцион савдоларига қўйиш тартибининг илк босқичи, яъни қарздорга мулкни электрон онлайн савдога қўйилаётгани ҳақида огоҳлантириш хати юборилган.

Ушбу огоҳлантиришдан сўнг, қарздор Н.Қўшматовдан жорий йилнинг 25 июнь кунида 28 млн 810 минг 234 сўм пул маблағлари тўлиқ ундирилиб, жабрланувчи Н.Т.нинг турмуш ўртоғига тилхат асосида топширилиши таъминланди», дейилади Самарқанд вилояти Мажбурий ижро бюроси хабарида.

Kun.uz мурожаат эгаси билан боғланганида бир кун ичида МИБ томонидан барча пуллари ундириб берилгани ҳақида маълум қилди.

 

https://kun.uz/news/2020/06/26/jabrlanuvchiga-28-million-som-undirildi-samarqand-mib-kunuzda-elon-qilingan-murojaat-hal-bolgani-haqida-xabar-berdi

Фойдали ҳаволалар