Жорий йилнинг 25 июнь куни Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган “МИБ ходимлари: Раҳбарият компенсация тўловисиз ишдан бўшатмоқда” номли хабар тарқатилди. Мазкур хабарда, Бюронинг Қашқадарё вилояти бошқармаси тизимида хизмат қилган ва айни пайтда иш штати қисқартирилаётган ходимларга компенсация тўловлари берилмасдан бўшатаётганлиги, бу жараёнда коррупция ҳолатига йўл қўйилиб, таниш-билиши йўқ ходимлар ишидан айрилаётгани, бошқарма бошлиғи О. Паяновнинг ўзи прокуратура органларига ишга ўтаётганлиги ва бу жараёнда адолат қилиш лозимлиги ҳақида баён қилинган.

Маълумки, жорий йилнинг 18 июнь куни Давлатимиз раҳбарининг “Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6010-сон Фармонига асосан электр энергияси ва табиий газ учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши бўйича вазифалар ўтказилиши, шунингдек, электр таъминоти, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш бўйича Бюро органларининг айрим вазифалари тугатилиши муносабати билан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ тузилмалари фаолиятига жалб қилинадиган ходимлар биринчи навбатда Бюронинг қисқартирилаётган ходимлари ҳисобидан тўлдирилиши кўрсатиб ўтилган.

Шунга кўра, Бюро органларида ходимларнинг штат бирликлари сони ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан бекор қилиниши (хизмат ўташни тугатилиши) ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Бундан ташқари, ходимларга Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 102-моддасига асосан, иш берувчи билан ўрталаридаги келишувга биноан юқоридаги огоҳлантиришни – муддатига мувофиқ келадиган пулли компенсация билан алмаштиришлари мумкинлиги ҳамда бошқа иш қидириш учун ҳафтада 1 кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқлари ҳақида тушунтиришлар бериб келинмоқда.

Шу билан бирга, келгусида ходим ишдан бўшатилганда, унга меҳнат қонунчилигида белгиланган моддий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча кафолатлари таъминланиши ҳамда компенсация тўловининг берилиши чоралари кўрилмоқда.

Ўрганишда, хабардаги фотосуратлар жорий йилнинг 19 июнь куни Бюронинг Яккабоғ тумани ва Шаҳрисабз шаҳар бўлими ходимларига Президент Фармонининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, шунингдек, Бюро органларида ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан белгиланган чора-тадбирлар юзасидан ўтказилган йиғилишларда олинганлиги маълум бўлди.

Хусусан, бошқарма тизимида жорий йилнинг 18 июнь кунидан ҳозирга қадар жами 7 нафар ходим Президент Фармонининг мазмун-моҳияти тушунтирилгандан сўнг бошқа иш топганлиги сабабли, улар ўз хоҳишига кўра берган аризасига асосан ишдан бўшатилганлиги, шунингдек, 6 нафар давлат инспекторларининг меҳнат шартномасининг муддати тугаганлиги сабабли шартнома муддати узайтирилмаганлиги аниқланди.

Хабардаги ходимларнинг ишдан бўшатилишида компенсация тўловлари берилмаётгани, коррупция ҳолатларига йўл қўйилаётгани ва бошқарма бошлиғи О.Паяновнинг прокуратура органларига ўтаётгани ҳақидаги маълумотлар эса ҳеч қандай асосга эга эмас.

Шунингдек, Президент Фармонига мувофиқ, Бюро органларидан электр таъминоти, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш соҳасида фаолият олиб бораётган ходимларнинг штат бирликлари қисқартирилиши кўрсатиб ўтилган ва бу жараён Бюронинг марказий аппарати томонидан қаттиқ назоратга олинган.

Бундан ташқари, бошқарма бошлиғи О.Паянов ҳозирда бошқарма бошлиғи вазифасида ишлаб келмоқда.

Маълумот учун: бошқарма тизимидаги штат бирликлари қисқартирилиши назарда тутилган ходимлар рўйхати шакллантирилиб, вилоят Бандлик бош бошқармаси, Қашқадарё “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Қашқадарё Ҳудудгаз” МЧЖларга юборилиб, ҳамкорликда ходимларни келгусида иш жойлари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

 

Мажбурий ижро бюроси

 

 

 

https://hordiq.uz/2020/06/25/mib-bayonoti-qisqartirilgan-xodimlarga-tegishli-tartibda-kompensaciya-beriladi/?lang=cir

 

 

 

Фойдали ҳаволалар