Давлат раҳбарининг «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилиниши ортидан Мажбурий ижро бюросининг (МИБ) қатор ваколатлари қисқарадиган бўлди.

Мухтасар айтсак, яна қирқ кундан сўнг Бюрода табиий ресурслар бўйича ундирув ишлари тақа-тақ тўхтайди. МИБнинг «асосий армияси» айнан коммунал тўловларни ундириш билан банд бўлгани эътиборга олинса, штат қисқартирилишига тушадиганлар ходимлар сонини тасаввур қилиш қийин эмас. Норасмий маълумотларга кўра, бу бюро ходимларининг ярмидан кўпи тизимдан кетишини англатади.

Хўш, уларнинг кейинги тақдири-чи?

МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Марғуба Амоновага кўра, тизимдаги ўзгаришлар сабаб кўплаб ходимлар билан хайрлашишга тўғри келаётгани табиий ҳолат. Бироқ бу, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларда айтилаётганидек, штат қисқартирилишига тушган ходимлар кўчада қолишини англатмайди. Фармонда электр энергияси ва табиий газ учун тўловларни ўз вақтида ундирилиши бўйича вазифалар тегишли ташкилотларга («Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ) ўтказилиши муносабати билан қўшимча жалб қилинадиган ходимлар биринчи навбатда қисқартирилаётган Бюро ходимлари ҳисобидан тўлдирилиши алоҳида белгилаб қўйилган. Демак, ортиқча ваҳимага ўрин йўқ.

Шу ўринда яна бир нозик масалаки, табиий ресурслар истеъмоли учун тўлов ундирилиши жараёнида МИБ ходимларига (қарздорга нисбатан огоҳлантириш беришдан бошлаб ҳуқуқий таъсир чораси кўришгача) хос ҳуқуқлар берилганди. МИБнинг қисқартирилаётган ваколатларига қўшиб, айни ҳуқуқлари ҳам «янги ворислар»га ўтадими?

Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва расмийлаштириш, шунингдек, ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун мажбурий тўловларни ундиришнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тартибга солинади.

Айни пайтда манфаатдор қарор лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Лойиҳа, фармонда белгиланганидек, бир ой муддатда Президент Админстрациясига киритилади.

 

https://xabar.uz/dh2

Фойдали ҳаволалар