Алимент тўловларини ундириш Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходимларининг энг ғурбат ишларидан бири. Ундирмаса, бўлмайди – бу ёқда неча қоракўз шунга қараб турибди. Ундириш эса осон эмас: алиментчилар ё тутқич бермайди, ёки минг хил важ-баҳона келтиради. Бундайларни маъмурий қамоққа тортишдан осони йўқ, бироқ «ўтириб» чиққани кимга фойда?! Бу билан зиммасидаги қарздан қутилмайди барибир. Яна МИБ балогардон...

Нима қилиш керак?

Тушунтирув ва тарғибот ишларига зўр бериш керакдай. Аксарият алиментчилар тўғри тушунишга мойил, бироқ «тўламайсанми, ўв?!», «Алимент менга эмас, болангга керак!», «Икки кунда тўламасанг, тиқиб қўяманг!» деган гап кимга ёқади?! Шундоғам масъулиятни ҳис қилганлар кемтик тақдирга тан берганча тўловини вақтида амалга ошириб юрибди. Хуллас, қарздорларга аввал ётиғи билан тушунтириш керак, жаримага тортиш ёки «тиқиб» қўйиш қочмас...

МИБнинг Учтепа тумани бўлимига фуқаро Н.С.дан собиқ рафиқаси ҳисобига уч нафар вояга етмаган фарзанди учун маълум миқдорда алимент ундириш ҳақида суд қарори 2006 йилнинг охирида чиққан. 2017 йилнинг апрелигача тўлов масаласида муаммо бўлгани йўқ. Шундан кейин ундан пул келиши 36 ой (2020 йилнинг апрелигача) тақа-тақ тўхтаб қолгач, ундирувчи Х.С. Бюронинг Учтепа туман бўлими остонасига бош уриб келди.

Қарздор оёғи ерга теккизилмай судга олиб борилгандир?

Ҳеч-да. Аксинча, унга ҳаммаси тўғри тушунтирилди. Эътиборсизлигининг охири маъмурий қамоқ эканиям босиқлик билан уқтирилдики, қарздор йигирма кунга қолмай 3 йиллик (жами 40 млн. 400 минг сўм!) алимент пулларини нақд санасами?!

Бўларкан-ку.

МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Марғуба Амонова шу ҳақда «Xabar.uz»га маълум қилар экан, қуйидагиларни қўшимча қилди: «майда факт» беряпти деб, энсангиз қотмасин, алимент тўламагани учун қанча шахс жавобгарликка тортилганини ёзавергандан кўра, қарздорликни бир зарбда бартараф этаётганлар ҳақидаям айтиб туриш керак. Айниқса, муборак Рамазон кунларида... Нима дедингиз?

Жуда маъқул-да.

 

Фойдали ҳаволалар