Марғилондаги “Марғилон бўёқ текстиль” МЧЖ Наманган вилоятида фаолият юритувчи “NBU INVEST GROUP” МЧЖ билан маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш билан ҳамкорлик қилишни режалаштирганди. 

Шу мақсадда “NBU INVEST GROUP” МЧЖ ҳамкор корхонага қарийб 1,5 млрд. сўмга яқин пул маблағини ўтказиб ҳам беради. Бироқ “Марғилон бўёқ текстиль” МЧЖдан негадир садо чиқмади. Оз эмас, кўп эмас 1,5 млрд. сўмга яқин пул маблағи ҳам сувга тушган тошдек изсиз ғойиб бўлди.

“Марғилон бўёқ текстиль“ МЧЖ рўйхатдан ўтган ҳудуд бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судида мазкур иш кўриб чиқилиб, табиийки, 25.11.2019 йилдаги 4-1001-1919/21702-сонли ижро варақасига асосан қарздор “Марғилон бўёқ текстиль” МЧЖдан ундирувчи “NBU INVEST GROUP” МЧЖ фойдасига 1 млрд. 488 млн. сўм қарздорлик ундириш белгиланди.

Қарздор “Марғилон бўёқ текстиль” МЧЖ турли баҳоналар билан юқори турувчи суд органларига мурожаатлар қилиб қарзни бўйнидан соқит қилишга уриниб кўрди. Лекин бирон-бир инстанция унинг фойдасига қарор қабул қилмагач, суд ижро варақаси Бюронинг Марғилон шаҳар бўлимига 12.03.2020 йилда келиб тушди.

Қонун талаби бўйича дастлаб қарздорга 15 кунлик ихтиёрий муддат берилган бўлса, суд қарорини ижросини таъминламагач, унинг банк ҳисоб рақамларига инкасса топшириқномалари қўйилди. Бироқ шунда ҳам “Марғилон бўёқ текстиль” МЧЖ қарзни тўлашни негадир истамади.

Охирги чора сифатида, жорий йилнинг май ойи бошларида давлат ижрочилари қонун талабига асосан қарздор “Марғилон бўёқ текстиль” МЧЖга тегишли ишлаб чиқариш дастгоҳлари ва бино-иншоотларини хатлашга киришади. Шундагина қарздор тўлиқ енгилганини ҳис қилиб, 11.05.2020 йилда суд ҳужжатида кўрсатилган 1 млрд. 488 млн. сўм маблағларни Наманганлик тадбиркор “NBU INVEST GROUP” МЧЖга тўлиқ ўтказиб берди.

Шу билан биргаликда қонун талаби бўйича Бюро фойдасига 29.7 млн. сўм ижро йиғими ҳам ундириб олинди. Қарздор ўзининг ноқонуний ҳаракатлари билан кўпчилик вақтини олгани етмаганидек, ўзига ҳам зиён етказди, холос.

Фойдали ҳаволалар