Мажбурий ижро бюроси Ёзёвон тумани бўлими ходимлари томонидан тумандаги «Қатортол» МФЙ ҳудудида жойлашган «Сувоқава» ДУК Ёзёвон туман филиалига қарашли сув чиқариш иншооти кўздан кечирилганида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 22-сонли қарори талаблари қўпол равишда бузилганлиги аниқланган. Бу ҳақда МИБнинг Фарғона вилояти бошқармаси «Дарё»га хабар берди.

Аниқланишича, филиал раҳбари М.К. «Қатортол» МФЙда жойлашган сув чиқариш иншоотида ўрнатилган мавжуд электр ҳисоблагични ҳеч қандай рухсатсиз «Электр-ҳисоб» дастурида йўқ «СЕ 303» русумли электр ҳисоблагичга алмаштириб олган ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинганлиги сабабли туман электр таъминоти корхонаси манфаатларига 77 миллион 770 минг 800 сўм миқдорида моддий зарар етказган.

Бюро органлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширув жараёнида М.К.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 185(2)-моддаси талаблари мазмун-моҳияти, хусусан, унинг ижтимоий хавфли ҳаракати туфайли давлат манфаатларига етказилган 77,7 миллион сўмлик зарарни қонунда кўрсатилган ўттиз кунлик муддат давомида тўлиқ қоплаган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги, аксинча ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши тергови жараёнида жиноят оқибатида етказилган зарар қонунда белгиланган тартибда ундирилиши тушунтирилган.

Сув таъминоти корхонаси раҳбари М.К. қонунда белгиланган ўттиз кунлик муддатда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида давлатга етказилган зарарни тўлиқ тўлашни маъқул кўрди ва моддий зарар тўлиқ ундирилган.

Қонунчиликка мувофиқ, Жиноят кодексининг 185(2)-моддаси 3-қисмида шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлса-да, агарда у етказилган моддий зарар ўрнини ихтиёрий равишда тўлиқ қоплаган бўлса, шахс жиноий жавобгарликдан озод этилиши белгиланган.

Шунга кўра, М.К.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал кодексининг 84-моддаси 1-қисми 8-бандига асосан, унинг айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Фойдали ҳаволалар