Жорий йилнинг 5 март куни “kar24.uz” ва бошқа сайтларда “Мурожаат асосида МИБга мониторинг қилиш учун бордик, аммо…” номли хабар тарқалди. Мазкур видео-хабарда сайт вакиллари Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси биносига соат 19:00 да ташриф буюриб, ходимларнинг белгиланган вақтдан ташқарида ишлаётганлигига гувоҳи бўлгани ва ушбу ҳолатга аниқлик киритмоқчи бўлишгани акс этади. Аммо вазиятда ростан ҳам шундаймиди? Бюро ходимлари нега иш вақтидан ташқарида қизғин иш билан банд эди? Шу каби саволларга Мажбурий ижро бюросининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси аниқлик киритди.

— Ушбу хабар бўйича ўтказилган текширишда, Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида 06.11.2018 йилдаги 528-сонли буйруғи билан тасдиқланган ички меҳнат тартиб-қоидаларига асосан бошқарма ҳамда туман-шаҳар бўлимларида хизмат қилаётган ходимларнинг иш вақти соат 09:00 дан соат 18:00 га қадар давом этиши, белгиланган вақтдан ташқари ишлашига, шунингдек, шанба ва якшанба кунлари ишга чиқишига йўл қўйилмаётганлиги маълум бўлди.

Бу бўйича 10.02.2020 йилда бошқарма ва барча ҳудудий бўлимлар ходимлари иштирокида тезкор йиғилиш ўтказилган ҳамда тегишли тартибда баённома расмийлаштирилган.

Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва туман (шаҳар) бўлимларида иш вақти соат 09:00 дан соат 18:00 гача давом этиши, дам олиш вақтида ходимларни ишлатиш тақиқланади.

Бироқ айрим ходимларнинг шанба ва якшанба кунлари ишлаши фақатгина уларнинг розилиги асосида иш берувчининг буйруғи билан амалга оширилиши ҳамда уларга иш вақтидан ташқари, дам олиш ва байрам кунларидаги ишлари учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши ёки ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) берилиши шартлиги қатъий белгиланган. Бундай ҳолатлар қатъий назоратга олинган.

Шунингдек, Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси тизимида хизмат қилаётган ходимларнинг алоҳида хизмат ўташ шароитларини инобатга олиб, уларга нисбатан тегишли ижтимоий муҳофаза чоралари, дам олиш, моддий аҳволини яхшилаш, меҳнат таътилини олиш ва тиббий хизматдан бепул фойдаланиш ҳуқуқлари кафолатланган.

Жумладан, бошқарма бошлиғи томонидан тасдиқланган ходимларнинг маданий дам олиш ва спорт машғулотларига қатнашиш дастурида республикамиздаги театр, музей, тарихий жойларига ҳар ҳафтанинг шанба куни ҳамда ходимларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш мақсадида оммавий спорт турларига ишдан кейин ҳафтасига 2 марта қатнашишлари белгиланган.

Бундан ташқари, 2019 йилда ходимларнинг 46 нафари Бюро директори ва бошқарма бошлиғининг пул мукофотлари, 3 нафари қимматбаҳо совға, 76 нафари ташаккурнома билан рағбатлантирилган ҳамда 2 нафари бошқарма Касаба уюшмаси томонидан туристик саёҳат йўлланмаси билан тақдирланган.

Шў ўринда алоҳида айтиб ўтиш жоизки, халқимиз, яъни энергия ресурсларининг аксарият истеъмолчилари шанба-якшанба кунлари ўз хонадонлари ҳамда тегишли объектларда шахсан бўлишини инобатга олиб, истеъмолчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида, айрим ҳолларда Бюро томонидан кўздан кечириш тадбирлари шу кунлари ўтказилиши мумкин.

Ходимларнинг шанба ва якшанба кунлари ишлаши фақатгина юқоридаги талабларга риоя қилган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Алоҳида таъкидлашни ва эътибор беришингизни сўрардикки, сиз борган вақтдаги ҳолат ҳам мурожаатларни ўрганишга ва иш ҳажмини якунлашга улгурмаган ходимларнинг ўз ихтиёри билан ишлаётганидаги вазият эди. Шунингдек, вазиятни ёритишда балки, ҳолатни бироз чуқурроқ ўрганиш Қорақалпоғистон МИБ бошқармаси ҳақида бундай салбий фикрларнинг тарқалишига замин яратмасдими ҳурматли сайт вакиллари!

Маълумот учун: Ижтимоий тармоқларда ва “Фейсбук”даги меҳнат қонунчилиги, ички тартиб-қоидалар ҳамда ижро ва меҳнат интизомига риоя этишни талаб этган аудиоёзувлар ҳақиқатдан ҳам, Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Азамат Юлдашевга тегишли бўлиб, аудио ёзув 28.02.2020 йилда масъул ходимлар ўртасида ўтказилган селекор йиғилишидан ёзиб олинган.

Селекторда бошқарма бошлиғи ходимларнинг соат 09:00 дан соат 18:00 га қадар давом этиши ва асосий эътибор  5 кунлик иш куни давомида барча ишларга улгуриш лозимлигига урғу берилган.

 

https://hordiq.uz/2020/03/05/qoraqalpogiston-mib-boshqarmasi-xodimlarning-ish-vaqti-qatiy-nazoratga-olingan-biroq-barchamiz-ish-hajmini-bajarishga-masulmiz/

Фойдали ҳаволалар