Ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видеони кўриб, жуда таъсирландим. Бузоғини эндигина дунёга келтирган сигир боласига қараб шу қадар талпиняптики, айни пайтда унинг учун ҳамма нарсага тайёр. Сигирнинг эгаси эса бузоқни шунчаки совуқ молхонадан иссиқ уйга олиб кираётганди, холос. Буни тушунмаган сигир боласидан айрилиб қолаётгандек саросимага тушиб қолганди.

Болалигимда Қорадарёда кўп чўмилардик. Дарё бўйига чағалайлар тухум қўйгани боис, оёқларимиз остида полапонлар югуриб юрарди. Бошимиз узра учиб юрган қушлар эса полапонини ҳимоя қилиш учун бошимизга чанг соларди.

Бир йили ғозимизнинг болалари шол бўлиб қолди. Аксига олиб ҳар куни икки-учтаси ҳаётдан кўз юмади. Раҳми келган отам уларни дарёга оқизиб юборишни буюрди. Кўз олдимизда жон талашишига дош беролмаганидан қилди бу ишни. Биз ҳам ғоз болаларини дарёга оқиздик. Шунда қанотини кенг ёзганча, гарчи уча олмасада, болалари ортидан югурган ғозимиз ўзини сувга отди. Қаршисида пайдо бўлган тошга урилиб кетмаслиги учун болаларининг олди томонига сузиб, уларни зарбдан ҳимоя қилганча бирга оқиб кетди.

Буларни нега эсладим? Чунки, бу ерда ота-оналик ҳисси, фарзандга бўлган тенгсиз муҳаббат ифодаси мужассам. Энг ачинарлиси шундаки, биз учун ожиз ҳисобланган жонзотларда сақланиб қолган мана шу туйғу бугунги кунга келиб айрим инсон зотига етишмай қолмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судининг навбатдаги суд мажлисини кузатар эканман, атрофимизда қанчадан-қанча тирноққа зор инсонлар бўлсаю, ўз зурриётини ташлаб қўйган оталар ҳам борлигига чин юракдан ачиндим. Улар учун ота бўлиш балки осондир, бироқ оталик қилишга келганда...

Пахтаобод туманида истиқомат қилувчи Набижон Восиловнинг икки фарзанди бор. Эр-хотин ўртасидаги ўзаро келишмовчилик туфайли улар аро йўлда қолганлар. Ота хабар олмайди, онанинг топгани тирикчиликка етмайди. Ноилож қолган аёл эридан алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилган. Суд қарорини менсимаган эркакнинг ўз фарзандлари учун тўлаши керак бўлган алименти миқдори 16 миллион 107 минг 816 сўмни ташкил қилган.

Балиқчилик Жаҳонгир Жўраев ҳам икки фарзандини қон қақшатганча, ажрашиб кетган. У аслида турмуш ўртоғи билан ажрашган эди, бироқ фарзандларининг ҳам юзига оёқ қўйди. Натижада икки йил давомида тўлаши керак бўлган алимент миқдори 15 миллион 841 минг 981 сўмга етди.

“Мисолларни кўплаб келтириш мумкин,-дейди Мажбурий ижро бюросининг Андижон вилояти бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари Ойистахон Абдураҳмонова. –Бу каби оила соҳиблари қай ҳолатда турмуш кечиришларидан қатъий назар фарзандлари учун масъул эканликларини унутмасликлари керак. Ўз зиммаларидаги бурчини бажармаганлар эса қонун олдида жавобгардирлар”

Сўнгги сўз ўрнида айтар гапимиз битта: Азиз оталар! Бизнинг жонзотлардан фарқимиз битта –биз ИНСОНмиз! Инсонлигимизча қолайлик.

Фойдали ҳаволалар