Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилояти бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими Дўстлик тумани “Электр тармоқлари корхонаси” мансабдор шахслари томонидан катта миқдорда пул маблағларини талон-тарож қилиш ҳолати фош этилгани ҳақида хабар қилди.
 
Туман электр таъминоти корхонаси мансабдор шахслари ўзларига бириктирилган электрон калит орқали расмий ҳужжат ҳисобланган “Электр ҳисоб” дастури ва ҳисоботларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритган. Ҳужжатларни қалбакилаштириш, сохта ҳужжатлар тузиш ва уларни юқори ташкилотларга тақдим этиш йўли 2018 йил 1 январдан 2019 йил 1 ноябрга қадар истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси учун 1 минг 221 та тўлов паттаси орқали тўланган жами 200 миллион 73 минг 125 сўм нақд пулни банк кассасига кирим қилмасдан, ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишган.
 
Пул маблағлари ўзлаштирилганлигини яшириш мақсадида расмий ҳужжат ҳисобланган “Электр ҳисоб” дастури ва ҳисоботларга сохта маълумотлар киритиб, квитанцияларда кўрсатилган истеъмолчиларнинг қарздорликларини камайтиришган.
 
Мазкур ҳолат юзасидан туман электр тармоқлари корхонаси мансабдор ва ҳисобдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а“, “г”-банди, 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар дастлабки теров ҳаракатларини олиб бориш учун вилоят прокуратурасига юборилган.

Foydali havolalar