Жорий йилнинг ўтган даврида 3 миллион 700 минг ижро ҳужжатидан 2 миллион 700 мингининг ижроси таъминланди. Бир миллион ҳужжат эса ўз ижросини кутмоқда. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ва Олий суд масъул ходимлари иштирокида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун уюштирилган брифингда бу алоҳида қайд этилди, деб ёзади ЎзА.

Ижро ҳужжатлари кўплигидан тизим ходимлари 16 баравар юклама билан ишламоқда. Аҳолининг 80 фоизи қарзларини бир марта огоҳлантиришдан кейин тўлаётган бўлса ҳам ижро интизоми бўйича муаммолар йўқ эмас.

Тадбирда Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 12 мартдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ижросига эътибор қаратилди.

Бюро директори ўринбосари Шавкат Ҳайдаров жорий йил 1 апрелдан бошлаб суд ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институти жорий этилишини таъкидлади. Бу институт суд қарорлари бўйича томонларнинг медиатор орқали ўзаро келишиш, масалани ихтиёрий розилик асосида ҳал қилиш имконини бермоқда.

Қарор билан 1 июндан бошлаб ижро иши юритишни қўзғатиш ижро ҳужжати келиб тушган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида ижро иши қўзғатилиши йўлга қўйилди (муқаддам ижро иши 3 кун ичида қўзғатиларди).

Яна бир жиҳат — ижро ҳаракатлари кўпи билан икки марта кечиктирилиши мумкин, олдинлари неча марта кечиктирилиши мумкинлиги қонунчиликда кўрсатилмаган эди. Бу эса ижро ҳужжатларининг кўп бора тўхталиб, ундирувчи томонларнинг норозилигига сабаб бўларди.

Эндиликда ижро ҳаракатларини бажаришда юзага келган масалаларни тушунтириш учун давлат ижрочиси томонидан тайинланган мутахассис ижрочининг қарори билан танишган кундан бошлаб 15 иш куни ичида ёзма хулоса тақдим этиши қатъий белгиланган.

Ҳозирга қадар ижро ҳужжатлари давлат ижрочилари ўртасида бўлим бошлиғи томонидан тақсимланар эди. Бироқ одатий тақсимлаш тизими давлат ижрочиларининг иш ҳажмини номутаносиб белгиланишига, айрим ҳолларда ишларни тақсимлашда гуруҳбозлик ва таниш-билишчиликка шароит яратиши мумкин.

Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ижро ҳужжатларини автоматлаштирилган тизим орқали давлат ижрочилари ўртасида тақсимлаш тартиби жорий этилмоқда.

Давлат ижрочилари томонидан қабул қилинган қарорлари ва ижро ҳаракатлари ҳақидаги хабарномаларни автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобил алоқа воситалари орқали қисқа хабар (СМС) кўринишида йўллаш чоралари кўрилмоқда.

Фойдали ҳаволалар