Жорий йилнинг 26 ноябрь куни ўтказилган Судьялари ассоциациясининг VI съездида Қашқадарё вилоят суди раиси А.Маҳкамов томонидан ўтган 9 ойда вилоят судлари томонидан қабул қилинган қарорларнинг 65 фоиздан ортиғи ижро этилмагани ҳақида оммавий ахборот воситаларига маълум қилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Бюро органларида ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисоби - Ижро иши юритувлари ягона электрон базасида (“MIB Portal” дастури) юритилади.

Судларга дастур орқали юборилган ижро ҳужжатлари бўйича амалга оширилган ижро ҳаракатлари, шу жумладан қабул қилинган қарорларни онлайн мониторинг қилиш имкони яратиб берилган.

Дастурдаги маълумотлар таҳлил қилинганида, ўтган 9 ойда Қашқадарё вилоятидаги судлар томонидан онлайн тарзда юборилган 140.266 та  ижро варақалари бўйича ижро ишлари юритилиб, шундан 86.323 таси ёки 61,5 фоизи тамомланган.

Шу билан бирга, 4734 таси даврий тўловларни ундириш тўғрисидаги (алиментлар ундириш, соғлиққа шикаст етказилгани оқибатидаги зарарни қоплаш тўғрисидаги ва шу каби ишларга доир) ижро ҳужжатлари бўлгани сабабли амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тамомлаш давлат ижрочиларига боғлиқ бўлмаган.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, 9.614 та ижро ҳужжатлари бўйича қарздорнинг мол-мулки бўлмаганлиги ёки мол-мулки етарли бўлмаганлиги сабабли, ундирув қарздорларнинг иш ҳақи ёхуд бошқа унга тенглаштирилган тўловларига қаратилган ва тушган маблағлар белгиланган тартибда ундирувчиларга ўтказилмоқда.

Қолдиқдаги бошқа ижро ҳужжатлари бўйича қарздорларнинг 61.263 та кўчмас мулклари ҳамда 67.421 та автотранспорт ва махсус техникаларига тақиқ қўйилиб, реализация қилиш чоралари кўриб борилмоқда.

Давлат ижрочиларида иш юкламаси кўп. Бироқ, бу суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этилмаслигига баҳона бўла олмайди. Бюро органларида иш ҳажмини асос қилиб, ходимлар сонини кўпайтиришга эмас, ижро жараёнини рақамлаштириш орқали ижро самарадорлигини оширишга қаратилмоқда.

Бунинг учун, ижро ҳужжатлар юритуви, айланмаси ва ижро этиш босқичлари электрон тарзда 35 та ташкилотларнинг 63 та йўналишдаги ахборот тизимларига интеграция қилинган “MIB Portal” дастури орқали амалга оширилмоқда.

Дастур орқали ижро ҳужжатларини тўғридан тўғри суд ва бошқа органлардан қабул қилиш, мол-мулкни қидириш, тақиқларни қўйиш ва ечиш, томонларга хабарномалар юбориш, пул маблағларини тақсимлаш, инкассо қўйиш, мол-мулкни аукционга чиқариш ва баҳолашга юбориш каби ҳаракатлар фақат электрон тарзда амалга оширилмоқда.

Шунингдек, дастур ёрдамида мол-мулки мавжуд бўлмаганлигини важи билан ижро ҳужжатларини ассосиз равишда тамомлаш ҳолатларига тўлиқ чек қўйилган.

Бюро Қашқадарё вилоят суди раиси А.Маҳкамов томонидан ижро ҳужжатларининг 65 фоиздан (9 ойда) ортиғи ижро этилмагани ҳақидаги фикрларига қўшилмайди.

Судларимизни ижро ҳужжатлари бўйича амалга оширилган ижро ҳаракатларини таҳлил қилишда яратилган замонавий технология  имкониятларидан фойдаланишни таклиф қиламиз.

Ҳар бир ижро ҳужжати ортида фуқаролар ҳамда жамиятларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бор экан, асосий эътибор уни ижро этиш пировард мақсад бўлиб қолаверади.

Фойдали ҳаволалар