Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Kun.uz сайтида эълон қилинган "Тўловдан қочаётган айёр Автойўл, пулини ундиролмаётган аёл тадбиркор ва яна “ер чизаётган” МИБ" номли мақола юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.

Бугунги кунда Бюронинг Тошкент вилояти бошқармаси иш юритувида Зангиота ва Тошкент туманлараро иқтисодий судларининг ижро варақалари ҳамда вилоят солиқ бошқармасининг қарорларига асосан қарздор “Янгийўлқурилиш” УКдан 321 млн сўм солиқ қарзи, 28  млн сўм давлат божи, шунингдек, жами 16 нафар корхоналар фойдасига 4,3 млрд сўм қарз ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари мавжуд.

Мазкур ҳужжатлар бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилиб, қарздорнинг барча ҳисоб рақамларига банд солинган.

Шу билан бирга, мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилиб, давлат ижрочиси томонидан қарздорга тегишли 4 та махсус техника воситалари хатланган.

 

Хатланган махсус техника воситалари баҳоловчи ташкилотнинг хулосасига асосан жами 4 млрд сўмга баҳоланиб, реализация қилиш учун онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган.

Сотувдан тушган пул маблағлари ундирувчилар ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақсимланади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, ундирувчи “Doston Akfa Plus” МЧЖга мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида 205 млн сўм маблағ ундириб берилган.

“Doston Akfa Plus” МЧЖ раҳбари И.Абдалниёзова Бюро раҳбарияти томонидан ўтказилган қабулда қарздор корхонанинг банк ҳисоб рақамларида пул маблағлари айланиб турган бўлсада, тегишли чора кўрилмаганлиги ҳақидаги важи ундирувчи иштирокида тўлиқ ўрганилган ва важлар ўз тасдиғини топмаган.

Ушбу ижро ҳужжати ҳозирда алоҳида назоратга олинган ва қарздорликни ундириш бўйича барча ижро ҳаракатлари амалга оширилади.

Фойдали ҳаволалар