Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этиш соҳасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Бошқарма бошлиғи Меҳрож Насруллаевнинг маълум қилишича, ўтган даврда қарийб 3,5 триллион сўмлик 327 минг 714 та ижро ҳужжатлари юзасидан ижро тадбирлари амалга оширилган. 

Мазкур ишларнинг асосий қисмини, яъни қарийб 1,2 триллион сўмлик 217 минг 166 тасини давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ташкил этган. Бошқарма томонидан жами 1,8 миллиард сўмлик 121 минг 720 та ижро ҳужжатлари бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, жумладан, 72 мингдан ортиқ ижро ишлари бўйича амалда 1 триллион сўм маблағ ундирилди. 

– Хусусан, мажбурий ижро тадбирлари натижасида давлат фойдасига 391,2 миллиард сўм, юридик шахслар фойдасига 463,5 миллиард сўм ва жисмоний шахсларга фойдасига (алиментдан ташқари) 177,2 миллиард сўм маблағ ундирилиши таъминланди, – деди М.Насруллаев. – Асосий эътибор давлат манфаатларини кўзлаб чиқарилган мажбурий ундирув билан боғлиқ қарорлар ижросини таъминлашга, давлатга етказилган зарарларни, шу жумладан солиқ қарздорлигини, давлат божи, маъмурий ва жиноий жарималарни ундириш, жиноятлар натижасида давлат манфаатларига етказилган зарарларни ундиришга қаратилмоқда. 

Жумладан, банклар фойдасига кредит қарздорликларини ундириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. 2022 йилнинг 1 январь ҳолатида бошқарма органлари иш юритувида 180,8 миллиард сўмлик 6 минг 833 та ижро ҳужжатлари мавжуд эди. 

Йилнинг биринчи ярмида яна 583,8 миллиард сўмлик 8 минг 170 та, яъни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сон жиҳатдан 4 минг 490 тага, маблағ жиҳатдан эса 324 миллиард сўмга кўп ҳужжатлар келиб тушган. Амалга оширилган ижро ҳаракатлари натижасида олти ойда 417,1 миллиард сўмлик 5 минг 372 та ижро ҳужжати бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, банк муассасалари фойдасига 172,8 миллиард сўм кредит маблағлари ундириб берилди. Шу билан бирга, гаров мулки сифатида тақдим этилган 154,4 миллиард сўмлик мол-мулк, жумладан кўчмас мулк объектлари, автотранспорт воситалари, ускуна ва техникалар хатланиб, уларнинг 119 миллиард сўмлиги “Е-аукцион” платформаси орқали сотувга чиқарилди.  

Матбуот анжуманида қайд этилишича, бугунги кунда бюронинг вилоят бошқармаси органлари иш юритувидаги алимент ва моддий таъминот ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича 35 минг нафардан ортиқ алимент тўловчи қарздорлар мавжуд. 

Ушбу тоифадаги ижро ҳужжатлари бўйича амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари туфайли қарздорлардан 59,5 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари ундириб берилиши таъминланди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда қарздор ва ундирувчилар ўртасида олиб борилган профилактик суҳбатлар ва чора-тадбирлар натижасида ўтган даврда 3,8 мингга яқин оила яраштирилди. 1,2 минг нафардан ортиқ ишсиз алимент тўловчилар ишга жойлаштирилиб, бандлиги таъминланди ва алимент ундирувлари уларнинг иш ҳақига қаратилди.  

Шунингдек, ушбу даврда алимент қарздорлигини тўлашдан мунтазам равишда қасддан бўйин товлаб келаётган 77 нафар қарздорлар жиноий жавобгарликка, 521 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди.

Фойдали ҳаволалар