Қонун барча учун баробар, қонунларга амал қилиш ҳар бир фуқаро учун мажбурийдир. Минг афсуски, баъзан айрим фуқаролар Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочиларига қаршилик кўрсатиш ҳоллари учраб туради.

Ана шундай ҳолат яқинда Андижон шаҳрида қайд этилди. МИБ давлат ижрочилари суд ва бошқа орган қарорларини ижро этиш орқали фуқаролар ёки жамият манфаатини ҳимоя қилади. Ана шу жараёнда айрим фуқаролар ўз мажбуриятини бажариш ўрнига, давлат хизматчиларига кўл кўтариш орқали масалани ўз фойдасига ҳал қилиш мумкин, деб ўйлайди. Аслида ундай эмас, давлат хизматчисининг қонуний ҳаракатига тўсқинлик қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлими ходимлари Р.Мухторов, И.Абдуллаев, С.Ғуломқодировлар томонидан фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 2019 йил 15 апрелдаги “Уйдан кўчириш тўғрисида” ги қонуний кучга кирган қарори асосида Андижон шаҳри, Пахтакор маҳалласи Фарҳод кўчасидаги хонадонларнинг бирида яшаётган фуқароларни мажбурий тартибда кўчириш ҳаракатлари олиб борилган. Масъул ташкилот вакиллари билан биргаликда ушбу манзилга борилганида, ижро ҳаракатлари давомида фуқаро И.Н. бюро ходимларининг ижро ҳаракатларига тўсқинлик қилиб, уларга фаол қаршилик кўрсатиб, хонадонида бўлган хўжалик пичоғи билан қуролланиб, хизмат вазифаларини бажараётган ходимлардан ижро ҳаракатларини тўхтатишларини, ижро ҳаракатлари тўхтатилмаган тақдирда қўлидаги хўжалик пичоғи билан ўзини ўлдиришини айтиб, хонадондан чиқиб кетишларини талаб қилган.

Яъни, суд қарорининг бажарилишини таъминловчи давлат вакилларига фаол қаршилик кўрсатган. Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, жиноят иши судга юборилган. Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг ҳукмига кўра, фуқаро И.Н. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди, унга 3 йил 5 ой муддат озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳеч қачон яхшиликка олиб бормаслиги, албатта, тегишли тартибда жазога тортилишини ҳеч бир фуқаро унутмаслиги лозим.

Фойдали ҳаволалар