Жорий йилнинг 13 январь куни “Youtube” интернет тармоғида автобекатдан ноқонуний фойдаланиб келаётган тадбиркор ижро ҳужжатини бажариш учун келган икки нафар Мажбурий ижро бюроси ходимларига нисбатан жисмоний куч ишлатгани ҳамда уларга жароҳат етказиш мақсадида қўлига пичоқ олиб қувлагани акс этган видеолавҳа жойлаштирилган.

Аниқланишича, ФИБ Асака туманлараро судининг 21.10.2021 йилдаги ижро варақасига кўра, Асака тумани, Нажмиддин Кубро кўчасида жойлашган автошоҳбекатнинг йўловчилар учун мўлжалланган кутиш ҳудудида қарздор А.Жумаев томонидан ўзбошимчалик билан қуриб олинган савдо дўкони қурилмаси унинг ҳисобидан мажбурий тартибда буздирилиши белгиланган.

Мазкур суд қарори ижроси бўйича Бюронинг Асака туман бўлими давлат ижрочиси Х.Мехмонов томонидан 22.11.2021 йилда ижро иши юритиш қўзғатилиб, суд ҳужжати талабини бажариш ҳақида қарздор бир неча бор огоҳлантирилган ва 22.12.2021 йилда ўтказилган мажбурий ижро ҳаракатларида А.Жумаев иштирок этмаганлиги сабабли бошқа кунга қолдирилган.

Суд қарори ижросини ихтиёрий бажармаганлиги сабабли 25.12.2021 йилда А.Жумаевга нисбатан ЎзР МЖтКнинг 198-1-моддасига асосан 540,0 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

11.01.2022 йилда ноқонуний қурилмани бузиш учун ваколатли идоралар вакиллари иштирокида мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказиш давомида қарздорнинг ўғли С.Жумаев дўконда бўлган ошхона пичоғи билан тарафларни қўрқитиб, давлат ижрочиси Х.Мехмоновга тан жароҳати етказган. 

Шунга кўра, мажбурий ижро ҳаракатлари бошқа кунга қолдирилган. 

Ҳозирда мазкур ҳодиса бўйича Асака туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.   

Фойдали ҳаволалар