Таъкидланишича, бугунги кунда МИБнинг вилоятдаги туман ва шаҳар бўлимлари иш юритувида алимент ундируви билан боғлиқ 32 минг 391 та ижро ҳужжати мавжуд.  

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 1 мартдаги фармони асосида вояга етмаганларнинг алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш устидан автоматлаштирилган назорат тизими йўлга қўйилиши натижасида ушбу ишлар бўйича 24 минг 662 нафар ундирувчи номига шахсий банк пластик карталари очиш бўйича электрон сўровномалар юборилган. Йил якунига қадар 21 минг 200 та пластик карта очилиб, эгаларига етказилган.  

– 2021 йил давомида алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари натижасида алимент тўловчи қарздорлардан 53,1 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари ундириб берилди, – дейди МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси бўлим инспектори Махсуд Мамасолиев. – Маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик суҳбатлар ва чора-тадбирлар натижасида 6169 та оила яраштирилди. Ишсиз, ёрдамга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган алимент тўловчи қарздорларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, маҳаллий ҳокимликлар, сектор раҳбарлари, бандлик ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда уларнинг 4914 нафари ишга жойлаштирилиб, алимент ундирувлари уларнинг иш ҳақларининг маълум миқдорига қаратилди. Шу билан бир қаторда, алимент тўловларини тўлашдан мунтазам бўйин товлаб келган жами 747 нафар қарздорлар тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка, 107 нафари эса жиноий жавобгарликка тортилди. 

Фойдали ҳаволалар