Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилояти бошқармаси туман-шаҳар бўлимлари иш юритувида жорий йилнинг ўтган даврида оилавий муаммолар бўйича 10 минг 977 та ижро ҳужжатлари келиб тушган.

Ҳозирга қадар алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлашда давлат ижрочилари томонидан 5 минг 492 та ижро ҳужжатлари ундирувчи ва қарздор ўзаро келишиб олганлиги сабабли ижро ишлари тамомланган. Шундан 1 минг 368 та оила қайта тикланган. 1 минг 52 та ижро ҳужжатлари бўйича фарзандлар вояга етганлиги сабабли ижро ишлари амалда тамомланиб тегишли тартибда судларга қайтарилган, мингдан ортиқ қарздорликни камайтириш масаласида ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилган. Ўтган давр мобайнида 1 минг 499 нафар қарздор фуқаролар ишга жойлаштирилган.

Жорий йилда алимент тўлашдан қочиб юрган 677 нафар қарздорларга нисбатан қидирув эълон қилиниб, бюронинг ахборот таъминоти ва қидирув бўлими ҳамда ИИБ ходимлари хамкорлигида 484 нафари топилиб давлат ижрочиларига топширилган ва уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилган. Бундан ташқари, ўз фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлашдан қасддан бош тортиб келаётган 538 нафар қарздорларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, 54 нафар қарздорлар Жиноят Кодексининг 122-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, бошқарманинг туман-шаҳар бўлимларида ҳар ойнинг учинчи жума куни меҳнат ярмаркалари ташкил этиш куни сифатида белгиланиб, бюронинг туман-шаҳар бўлимлари томонидан 30 га яқин меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, ишсиз қарздорларнинг 412 нафари ишга жойлаштирилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида 58 та ижро ҳужжатлари бўйича 93 нафар вояга етмаган фарзандлар ундирувчиларга олиб берилган.

Фойдали ҳаволалар