Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида хорижга чиқишига чеклов ўрнатилган қарздор ота фарзанди вояга етгунча бўлган муддатни ҳисоблаб 101 миллион алимент тўлаб берди.
 
Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг 2019 йил 5 декабрдаги қарорига асосан қарздор Ш.З.дан бир нафар фарзандининг таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Суд қарорига асосан МИБ Шўрчи тумани бўлими томонидан ижро иши юритилган.
 
Мазкур ижро ҳужжатига асосан қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 21-, 87-моддаларига асосан тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган. Олинган маълумотларга асосан қарздорнинг барча мол-мулкларига ва хорижга чиқишига тақиқ қўйилган.
 
Ш.З. хорижга чиқиш истаги борлигини ва ўрнатилган чекловларни қонуний тартибда бекор қилишни сўраб МИБ Шўрчи тумани бўлимига мурожаат қилган. Давлат ижрочиси амалдаги қонун талабларини тушунтирган ҳолда қўлланилган чекловларни қандай тартибда бекор қилиш мумкинлиги бўйича тушунтиришлар берган.
 
Шундан сўнг Ш.З. собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда давлат ижрочиси томонидан ҳисоблаб берилган, фарзандининг вояга етгунча бўлган муддат учун 101 миллион 928 минг сўм алиментни олдиндан тўлаб берган.
 
Ҳужжатлар нотариал тартибда расмийлаштирилгандан сўнг МИБ Шўрчи тумани бўлими томонидан ижро ҳужжати муддатидан олдин тугатилиб, қарздорга нисбатан қўлланилган барча чеклов чоралари бекор қилинган.

Фойдали ҳаволалар