Қашқадарё вилояти Қамаши туманида алимент ундириш юзасидан олиб борилаётган ижро ҳаракатлари давомида МИБ ходимини урган шахсга жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят МИБ бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2018 йил 8 сентябрдаги ижро варақасига асосан қарздор Э.Садиновдан ундирувчи З.Раҳмонованинг фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун даромаднинг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати 2018 йил 20 октябрда МИБ Қамаши туман бўлими иш юритувига келиб тушган. Шу куннинг ўзида ижро иши юритиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, тарафларга маълум қилинган. Уларга ўз қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган. Шунингдек, қарздор Э.Садиновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Қайд этилишича, Э.Садинов 2021 йил май ойигача бўлган алимент пулларини тўлаган. Қарздор июнь, июль ва август ойлари учун алимент пулларини тўламаганлиги боис қарздорлиги 1 миллион 947 минг сўмга етган. Давлат ижрочиси Э.Садиновга алимент пуллари тўланмаса МЖтКнинг 47/4-моддаси талаблари асосида жавобгарликка тортилиши ҳақида расмий огоҳлантириш берган.

Даъвогар З.Раҳмонованинг мурожаати асосида жорий йил 24 август куни қарздор Э.Садиновдан алимент қарздорлигини ундириш мақсадида унинг уйига МИБ Қамаши туман бўлим бошлиғи ўринбосари, давлат ижрочилари ва холислар бирга борган.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор ва унинг онасига суд қарорида кўрсатилган талаблар тушунтирилиб, қарздорликни бартараф этиш шартлиги, акс ҳолда, қарздорлик мол-мулк ҳисобидан ундирилиши такроран айтилган.

Қарздорлик бартараф этилмаганидан сўнг давлат ижрочилари томонидан Э.Садиновнинг яшаш уйидан 32 дюймли рангли телевизорни хатлаб олиб чиқаётган вақтда қарздор ва унинг оила аъзолари ижро ҳаракатларига фаол қаршилик кўрсатган. Сўнг МИБ ходимларини ножўя сўзлар билан хақорат қилиб, уларнинг қўл, юз ва танасининг турли қисмларига енгил тан жароҳати етказган. Можаро давомида улар МИБ ходимларини темир бўлаги билан ҳам урган.

Ушбу ҳолат юзасидан, Қамаши туман прокуратураси томонидан олиб борилган терговга қадар текширувда қарздор Э.Садиновга нисбатан Жиноят Кодексининг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. У эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фойдали ҳаволалар