Бухорода алиментдан қарздор оталардан фарзандларининг келгуси беш йиллик таъминоти учун алимент пуллари ундирилди. Бу ҳақда «Дарё»га МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Илҳом Турсунов хабар берди.

Таъкидланишича, Бухоро туманида яшовчи алиментдан қарздор Д.Ҳ. 2018 йилдан ҳозирга қадар фуқаро С.Ф. фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун алимент тўловидан бўйин товлаб келган. Бюронинг Когон тумани давлат ижрочилари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилган. Ва натижада Д.Ҳ. хотинига вояга етмаган фарзанди учун 2021 йилнинг апрель ойидан 2026 йилнинг апрелига қадар бўлган беш йиллик алимент пули — 70 миллион сўмни бира тўла тўлаб берган.

 

Худди, шунингдек, Жондор туманида яшовчи қарздор А.Ш.дан ундирувчи Н.Р. фойдасига икки нафар фарзандининг вояга етгунига қадар, яъни 2026 йилга қадар бўлган 73 миллион 500 минг сўмлик алимент пуллари ундирилган.

«Мажбурий ижро бюроси органларида вояга етмаган фарзандларнинг моддий таъминоти учун пулларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиб-тамойиллари қатъий эътиборда. Фарзандининг вояга етгунига қадар бўлган тўловини амалга оширишдан бўйин товлаб, қочиб юрган оталар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ўзига хос ижобий натижани кўрсатганини яширишга ҳожат йўқ. Беш йиллик қарздорликни олдиндан ундирув ишлари жараёнида Пешку туманидаги икки оила ярашди», — деди Илҳом Турсунов.

 

Фойдали ҳаволалар