Мажбурий ижро бюроси суд ва бошқа орган ҳужжатлари ижросини таъминлаб, шу орқали фуқароларимиз ва жамият манфаатини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Бироқ суд ҳужжатлари ижросини бажаришга масъул бўлган давлат ижрочиларининг қонуний хатти-ҳаракатларини бажаришларига тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. 
Бюронинг Қамаши туман бўлими иш юритувидаги Қамаши туман маъмурий судининг 21.10.2019 йилдаги қарорига асосан қарздор Н.Қ.дан давлат фойдасига 669 минг сўм маъмурий жарима ундириш белгиланган. 
Қарздор ушбу маъмурий жаримани орадан 2.5 йил вақт ўтган бўлсада, тўламасдан келган. Шу сабабли, давлат ижрочилари жорий йилнинг 24 май куни “Тегирмонқул” қишлоғида жойлашагн қарздорнинг яшаш манзилига бориб, қарздорлик эвазига бир дона “Roison” русумли телевизорни хатлаб олиб кетишади. Сўнгра ушбу қишлоқ ҳудудида бошқа ижро ҳаракатларини амалга ошираётган вақтда, уларнинг ортидан қарздорнинг укаси, онаси ва янгаси боришиб, уларни ҳақорат қилиб, хатлаб олинган телевизорни қайтариб беришини айтиб, жанжал кўтаришган.
Шунингдек, Бюро ходимлари қайтиб келаётганда қарздор ва отаси йўлнинг қатнов қисмида ёғоч нарвон билан уларнинг бошқарувида бўлган “Nexia-3” автомашинасининг олдини тўсиб, нарвонни автомашинанинг олд қисмига улоқтиришади ҳамда автомашинани тўхтатиб олиб, давлат ижрочиларига енгил тан жарохати етказишади.
Шундан сўнг, қарздорнинг укаси ўзи билан бирга олиб келган темир (лом) жисмни кўрсатиб, ушбу жисм билан уларга тан жарохати етказишини айтиб, хатлаб олинган телевизорни қайтариб тортиб олишади ва ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилишади.
Ҳодиса жойи Қамаши туман прокуратураси терговчиси ва туман ИИБ тезкор ҳодимлари томонидан кўздан кечирилиб, процессуал тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қамаши туман прокуратураси томонидан 26.05.2021 йилда қарздор Н.Қ. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда Н.Қ. ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Фойдали ҳаволалар