Жорий йилнинг 14 апрель куни Мажбурий ижро бюросининг Ангрен шаҳар бўлими бошлиғи М.Юсуповага тегишли аудио ёзуви тарқалганди.

Мазкур аудио МИБ томонидан ўрганиб чиқилди. Қайд этилишича, М.Юсупова бўлим ходимлари учун Telegram телеграмм тармоғида ташкил этилган «Бюронинг Ангрен шаҳар бўлими» номли группасида «кунлик режани 10 тадан кам бажарган ходимлар бошқармага бориши, ушбу режани бажармаганларга нисбатан тегишли чора кўрилиши» ҳақида ҳақоратли сўзлар билан аудио ёзув юборганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюросининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатов қуйидагиларни маълум қилди:

Жорий йилнинг 7 апрель куни М.Юсуповага Telegram тармоғи орқали фаолият йўналишдаги асосий ундирувларнинг бири бўлган «Аёллар дафтари», «Темир дафтар» ва «Ёшлар дафтари» бўйича ундирувлар камайгани ҳақида қўл остидаги ходимлар маълумот беришади.

Ушбу йўналишдаги ундирувлар ҳар бир ходимларга ўртача 10 тагача тақсимлангани, бироқ айрим ходимлар бу йўналишдаги ишларга масъулиятсиз билан қараши, қолган ходимларнинг ишчанлик кайфиятига салбий таъсири этишини ўйлаб, жаҳли чиқиб, ушбу  Telegram телеграм тармоғи орқали ҳақоратли сўзлар билан аудио ёзув юборган.

М.Юсупова Бюро органларида 2017 йилдан, эгаллаб турган лавозимида 2018 йилдан фаолият кўрсатади. Муқаддам собиқ Суд депаратменти тизимида 20 йил давомида турли лавозимларга фаолият кўрсатган.

«Бироқ, унинг бу жиҳатлари унга нисбатан қатъий чора кўришга тўсиқ бўла олмайди! Ҳар қандай ходим юриш-туриши, одоб-аҳлоқ қоидалари, меҳнат ва ижро интизомига риоя этиши лозим ва бу қатъий талаб», – дейди Ф.Тошпўлатов.

Шунингдек, аудиоёзувдаги ҳолатлар, Юсупованинг қўл остидаги ходимларга бўлган муносабати ва ходимларнинг ишга бўлган ёндашуви, меҳнат қонунчилиги ва ножўя хатти-ҳаракатлар текширилган.

Олиб борилган хизмат текширувлари натижасига кўра, бугун 16 апрель куни М.Юсупованинг «Касб одобномаси» талабларини бузиб, номуносиб хатти-ҳаракат содир этганлиги сабабли унга «ҳайфсан» интизомий чораси қўлланилган.

Бундан ташқари, МИБ Ангрен шаҳар бўлимида хизмат қилаётган 7 нафар ходимнинг ишга бўлган масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, меҳнат ва ижро интизомига қатъий риоя этиб бориши бўйича профилактик суҳбат ўтказилган. 

 

 

https://www.xabar.uz/huquq/mibning-angren-shahar-bolimi

Фойдали ҳаволалар