Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси, унинг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш, вояга етмаганлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, алимент пулларини ундириш билан бирга иш билан банд бўлмаган, ишсизлик туфайли алимент бўйича қарзларини тўлашга қийналаётган оталар бандлигини таъминлашга ҳам кўмаклашмоқда.

Жалақудуқ туманида ташкил этилган меҳнат ярмаркасига Бюронинг Жалақудуқ туман бўлими ташаббуси билан суд томонидан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган ишсиз шахслар жалб этилди.  

Ярмаркада 40 нафарга яқин қарздор, ишсиз оталар иштирок этди. Ярмарка давомида уларнинг 13 нафари доимий ишга жойлашган бўлса, 11 нафарига туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ишсиз сифатида рўйхатга олинишига кўмаклашилди.

Оила – муқаддас гўша. Уни асраб-авайлаш, фарзандларимизни тарбиялаб, камолга етказиш ҳар бир инсон зиммасидаги улкан масъулият. Минг афсуски, турли сабаблар туфайли ажрашиб, лекин масъулиятни ҳис этмасдан, қолаверса, ишсизлиги боис фарзандлари таъминоти учун алимент пулларини тўламай юрган оталарга ана шу тарзда ёрдам кўрсатилмоқда.  

 

 

https://uza.uz/uz/posts/alimentdan-qarzdor-otalar-ishga-zhoylashtirildi_255159

Фойдали ҳаволалар