МИБ Бухоро вилоят бошқармаси инспектори Бобуржон Ҳалимовнинг «Дарё»га хабар беришича, фарзанди учун алимент тўлашдан бўйин товлаб, қочиб юрган фуқаро Тошкент шаҳридан топилган.

Таъкидланишича, Қоракўл туманида яшовчи 31 ёшли фуқаро Ф.Н. икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун тўланиши лозим бўлган 17,5 миллион сўм миқдордаги алимент пулини тўламай келган.

Унга нисбатан Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг ижро ҳужжати қўлланилган ва ундирувчи Х.Қ.нинг фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган.

Шундан сўнг МИБ Қоракўл туман бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилишига киришилган ва қарздор отанинг мулки йўқлиги аниқланган. Унинг охирги яшаш манзили ҳам аниқ бўлмагани боис фуқарога нисбатан қидирув эълон қилинган ва у Тошкент шаҳридан топилган.

Ф.Н.дан алимент қарздорлигини ундириш имкони бўлмагани сабабли унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47(4)-моддасига асосан, Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани судига юборилган.

Суд қарори билан қарздорга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

 

 

https://daryo.uz/k/2021/04/06/buxoroda-aliment-tolashdan-boyin-tovlab-qochib-yurgan-ota-toshkentdan-topildi-va-15-sutkaga-qamaldi/

Фойдали ҳаволалар