МИБ Наманган вилоят бошқармаси алиментдан қарздорлиги бўлган 206 нафар фуқарога нисбатан қидирув эълон қилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Бюронинг қидирув шўъбаси томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар давомида охирги уч ой давомида улардан 56 нафарини топиш чоралари кўрилди.

— Қидирувдагилардан 7 нафари хориждан, асосан, Россиядан, 49 нафари эса Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятлардан топилди. Улар орасида алимент тўловидан катта суммада қарздор бўлиб қолганлар ҳам бор, — дейди шўъба катта инспектори Азизбек Қосимов.

Қосимовга кўра, қидирув одатда бир йилга эълон қилинади. Натижа бермаган тақдирда яна уч ойга узайтирилиши мумкин.

Маълумот учун, Наманганда 2021 йилнинг ўтган вақти давомида алимент тўлови бўйича қидирувда бўлганлардан 112 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундирилган. Улардан 5 нафарига маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиб, қамоқ жазоси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Наманганда алиментдан қарздорлиги бўлган 20 мингга яқин кишининг мамлакат ҳудудидан четга чиқиши вақтинча чеклангани маълум қилинганди.

 

 

Фойдали ҳаволалар