Яхши биламиз, кейинги вақтларда коррупция иллатига ўралашиб қолгани мансабдор шахларнинг жиноий қилмишлари ҳақида ОАВда тез-тез хабарлар  бериб борилмоқда ва хабарларнинг бирида МИБ Наманган вилоят бошқармаси тизтмида ишлаётган бўлими бошлиғи ўринбосарининг  жиноят устида ушланганлиги ҳам қайд этилди.

Дарҳақиқат,  жамият ривожига, мамлакат тараққиётига жиддий тўсиқ бўлиб, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган асосий иллат – коррупциядир. Шу сабабли юртимизда ҳар бир соҳада бу иллатга қарши аёвсиз кураш кетмоқда.

Хабарингиз бор бундан 1 ой олдин  ижро ҳаракатлари даврида юзага келган вазият сабаб, Наманган шаҳрида марҳума Г.Дедабоева ўз жонига қасд қилган эди.

Бу ташвишли ҳолат бўйича МИБ марказий маҳкамаси Ишчи гуруҳи томонидан Наманган вилоят бошқармаси тизимида ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилди.

Шу билан бирга, МИБ маҳкамаси Ишчи гуруҳи Наманган вилоятидаги ходимларининг ҳаракатларини, ишга бўлган муносабат, касб маданияти ва коррупцион ҳолатларга йўл қўяётганларга қатъий чоралар кўрилишини белгилаб олди.

Юқоридаги хабарга келсак, ҳақиқатдан ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида, жорий йилнинг 05 октябрь куни МИБ Мингбулоқ туман бўлими бошлиғи ўринбосари У.Р. фуқаро М.К.га қарашли масъулияти чекланган жамиятда юзага келган 898 млн. 919 минг сўмлик солиқ қарздорлигини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати юзасидан қарздорликни ёпиб эвазига 3.000 АҚШ доллари талаб қилиб, 1000 АҚШ доллари ва 2.230.000 сўмни воситачи орқали олиб, қолган 2000 АҚШ долларини олган вақтида жиноят устида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 05.10.2020 йилда Мингбулоқ туман бўлими бошлиғи ўринбосари У.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Содир этилган ҳолат албатта биз учун ташвишли, ҳар бир ходимни янада ҳалол ва масъулиятли бўлиб ишлаши лозимлигини кўрсатмоқда, биз коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабатда бўламиз ва нопок ходимларни сафдан тозалаш тадбирлари давом этади.

Фойдали ҳаволалар